Жаҳон стандартларига мос, Hi-Tech услубидаги ИИБ биноси фойдаланишга топширилди
Бухоро вилоятининг Пешку туманини қадимий тарихга эга, буюк аллома бобокалонларимиз етишиб чиққан юрт сифатида яхши биламиз.
Бугунги кунда туманнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларидаги мавқейи юксалиб бормоқда. Туманнинг 37 та маҳалласида истиқомат қилаётган 130 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатувчи янги ИИБ биноси фойдаланишга топширилганлиги бунинг яққол исботидир.
Республика ишчи гуруҳи масъуллари Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновлар иштирокида мазкур бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ИИОлари фахрийлари, вилоят ИИБ масъуллари, туман ИИБ шахсий таркиби ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ички ишлар вазири ўз маърузасида туман аҳолиси ва шахсий таркибни янги бино очилиши муносабати билан муборакбод этиб, мазкур бино ва бу ерда фаолият олиб бораётган ходимлар аҳолининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда иштирок этган нуроний ва меҳнат фахрийлари узоқ йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар сўнги беш йилда бартараф этилганлигини эътироф этиб, бунинг учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Шу жумладан, узоқ йиллар ИИО да хизмат қилиб ҳозирда нафақада бўлган истеъфодаги майор Қаюм Хамроев “Бўлимда яратилган бундай шароитлар, замонавий техникалар, транспорт воситаларини етти ухлаб тушимизда кўрмаганмиз” дея таъкидлади.
Масъуллар бўлимда яратилган шароитлар билан танишиш жараёнида, бундай қулайликлардан кийин Пешкуда жиноят содир этилишига йўл қўймаслик керак деган фикрни билдирдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, замонавий талабларга мос равишда қурилган 2 қаватли маъмурий бинонинг умумий майдони 1200 квадрат метрни ташкил этиб, фуқароларни қабул қилиш хонаси, навбатчилик қисми, кутубхона, психолог хонаси, фахрийлар хонаси, катта ва кичик мажлислар зали, спорт майдончаси, дам олиш хонаси ҳамда 39 та хизмат хоналарини ўз ичига олади. Бундан ташқари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи бинолари ҳамда автотураргоҳ мавжуд.