Жондор туманида қора мол ўғрилари қўлга тушди
2020 йил 08 октябрь кунидан 09 октябрга ўтар кечаси номаълум шахс Жондор тумани Самончуқ МФЙда истиқомат қилувчи Қ.Т.нинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, молхонасида боғланган ҳолда турган, бозор баҳоси 3.500.000 (уч миллион беш юз минг) сўм бўлган бир бош қорамолини яширин равишда ўғирлаб ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас, тезкор ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Туман ички ишлар бўлимининг тезкор ходимлари ва ҳудудий профилактика инспектори ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир қилган шахслар аниқланиб, ашёвий далил бўлган қора мол ўз эгасига қайтарилган.
Гап шундаки, ўша тун тахминан соат 23 ларда, жабрланувчи билан бир том остида истиқомат қилувчи ўз ўғли, 1990 йилда туғилган А.Т. жиноий шериги ҳамқишлоқ дўсти 1993 йилда туғилган С.С. билан олдиндан ўзаро тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, қасддан жиноят содир қилиш мақсадида, молхонада боғланган ҳолда турган бир бош қорамолни ўғирлаб кетиб, қассоб танишига арзон гаровга пуллаб юборишган.
Ҳозирги кунда фуқаролар А.Т. ва С.С.ларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.