16 Декабр 2020 йил 739

Жондорда олиб қочилган Дамас ўз эгасига қайтарилди

2020 йил 12 декабрь куни соат 17:20 да Жондор тумани Ички ишлар бўлими Навбатчилик қисмига туманнинг Далмунобод маҳалласи Далмун қишлоғида яшовчи, 1996 йилда туғилган, Жондор туман марказий деҳқон бозори яқинида жойлашган телефон таъмирлаш устахонасида уста бўлиб ишловчи У.Д. қўнғироқ қилиб,  шу куни тахминан соат 15:30 ларда Дехқон бозори олдида қўйиб кетган оқ рангли “Дамас” автомашинаси номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетганлигини билдирган.

Мазкур хабар юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси, Жондор тумани Ички ишлар бўлими, тегишли соҳавий хизматлар ҳамда барча шаҳар ва туманларда тергов-тезкор гуруҳлари тузган ҳолда кечиктириб бўлмас суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, вилоят бўйлаб “Тўсиб ушлаш” махсус тезкор режаси ҳаракатга келтирилди.

Олиб борилган кенг қамровли тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур олиб қочилган Дамас русумли автомашина шу куннинг ўзида Бухоро шаҳрининг Қ.Муртазоев кўчасида жойлашган Марказий дорихона ёнида қолдириб кетилганлиги аниқланди

Шундан сўнг автомашинани олиб қочган шахсни қидириб топиш борасида бир қатор тезкор қидирув ҳаракатлари олиб борилиб, мазкур жиноятни содир қилган гумон қилинувчи қўлга олинди.

Гап шундаки, ушбу жиноятни жабрланувчига таниш бўлган, унинг ҳамқишлоғи 1986 йилда туғилган якка тартибда ишловчи А.А., спиртли ичимлик ичган маст ҳолатда олиб қочиб кетганлиги аниқланди.

Ҳозирги кунда жиноят ишида гумон қилинувчи шахс А.А.га нисбатан Жондор тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда мазкур жиноят содир этилишининг сабаблари, унга яратиб берилган шарт-шароитлар ўрганилганда, ушбу автомашина катта йўл ёқасида тахминан 2 соат мобайнида, жабрланувчининг ўта эътиборсизлиги, машина ён ойналарининг очиқ ҳолда, автомашинаси калити ўзида қаровсиз қолдириб кетганлиги сабабли содир бўлган.

Ҳурматли фуқаролар! Йиллар давомида ҳалол меҳнат қилиб топган пул, автомашина, кўчмас мулк ва бошқа моддий бойликларингизни турли хил жиноий тажовузлардан асраб авайлаш авваламбор ўз қўлингизда. Бунда ҳар қандай эътиборсизлик ва эҳтиётсизлик, зарурий чораларни кўрмаслик, мисқоллаб йиғилган моддий бойликларингиздан бир зумда ажраб қолишингизга сабаб бўлади.

Зеро ўзинга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма!

Text to speech