Жорий йилнинг 10 - 11 декабрь кунлари Бухорода "I Халқаро ёшлар туризм форуми" ўтказилди
Икки кун давом этган форумда юртимизнинг қатор вилоятларидан ташриф буюрган ёшлар, қолаверса хориждаги талаба ёшлар (онлайн тарзда) ва экспертлар туризм йўналишлари бўйича ўз стартап лойиҳалари ва илмий ишланмалари билан қатнашишди. Форумда 20 дан ортиқ хорижий делегатлар онлайн тарзда қатнашди. Лойиҳанинг мақсади маҳаллий ва хорижий талаба, мутахассисларнинг юқори салоҳиятли илмий ишланмаларини, стартап лойиҳаларини аниқлаб, ҳаётга тадбиқ этиш ва туризм соҳасида етук кадрларни етиштиришдан иборат.
Иштирокчилар пандемия даврида туризмнинг айрим турларини ривожлантириш ҳақида суҳбатлашишди. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалар ўрнатган ҳолда стартапларни тақдим этиб, уларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Шу билан бирга тадбирда Бухоро вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси Мувофиқлаштириш бўлими инспектори майор Б.О.Бахромов мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир иштирокчиларини вилоятнинг диққатга сазовор жойлари билан таништириш жараёнида уларнинг хавфсизлиги Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан таъминланди. Тадбир сўнгида энг яхши лойиҳалар танлаб олиниб, совриндорлар сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.