21 Сентябр 2024 йил 1118

Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди

Китоб инсон камолотида муҳим аҳамиятга эга. Инсон доим билим олиш изланиш билан ўз дунёқарашини оширади фикрлаш доирасини кенгайтиради.

Бугун юртимизда китобхонлик борасидаги жараёнлар янги босқичга кўтарилдики қайси бир соҳага қарамайлик китобхонликни тарғиб қилиш каби тадбирлар ўзига хос тарзда ўтказилаётганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ички ишлар органлари ходимларининг интеллектуал салоҳияти, дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ошириш улар ўртасида фаол китобхонлар сафини кенгайтириш ва нотиқлик хусусиятларини юксалтириш мақсадида ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 2 август кунидаги 274-сонли буйруғига асосан, Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ушбу танловни адолатли ва юқори савияда ўтишини таъминлаш мақсадида бой тажрибага эга ўқитувчи мураббийлар таклиф этилди.

Танловда бошқарма аппарати ҳамда шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматлардан 30 нафардан зиёд ходимлар иштирок этишди.

Кўрик-танлов мезонга асосан  уч босқичда бўлиб ўтди, унга кўра иштирокчилар тест синови, бадиий асарлар билимдони, тезкор савол-жавоб ва буюк мутафаккир ва Адиб шартлари бўйича билимларини синовдан ўтказишди.

Танловда бор билимини маҳорат билан намоён эта олган Шофиркон тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант Азизбек Абдуллаев ғолибликни қўлга киритиб  Республика босқичида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси  шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Танловда фаол иштирок этган ходимлар раҳбариятнинг фахрий ёрлиғи, қимматбаҳо совғалар ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирландилар.         

Text to speech