"14-январь - Ватан ҳимоячилар куни" муносабати билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида тантанали тадбир ташкил этилди
Видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги Департаменти бошлиғи генерал-майор Бекмурод Абдуллаев, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, бошқарма ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари шахсий таркиби иштирок этди.
Тадбир аввалида Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал майор Бекмурод Абдуллаев томонидан ўтган ҳисобот йилида Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ижобий натижалар хусусида сўз юритилиб, вазирнинг табрик сўзлари ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг, "14 январь - Ватан ҳимоячилари куни" муносабати билан Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсуновга навбатдаги "Полковник" махсус унвони тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбирда сўз олган бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов давлатимиз раҳбари ва Ички ишлар вазири томонидан билдирилган бундай юксак ишонч ҳамда берилган унвон учун миннатдорчилик билдириб, Бухоро вилояти ҳудудида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида қўл остидаги шахсий таркиб билан биргаликда туну-кун садоқат билан хизмат қилишга ваъда бериб, тадбирни давом эттирди.
Тадбир давомида ушбу байрам муносабати билан ватанимиз тинчлиги ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши кураш ва уни олдини олишда қўшган муносиб ҳиссаси учун бир нафар ходимга муддатидан олдин "Подполковник" махсус унвони берилганлиги ҳамда 10 нафар ходимлар навбатдаги "лейтенант" махсус унвони билан тақдирланганлиги ўқиб эшиттирилиб, тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, бир гуруҳ ходимлар “Аъло хизматлари учун”, III даражали, II даражали ҳамда I даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун”, “Тўмарис” кўкрак нишонлари, Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи", эсдалик қўл соати, қимматбаҳо китоблар жамланмаси ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Байрам муносабати билан ички ишлар органларида самарали хизмат қилган меҳнат фахрийлари ҳам муносиб эътироф этилди.
Жумладан, бир нафар фахрий “Ички ишлар органларининг фахрий ходими" кўкрак нишони билан мукофотланган бўлса, яна бир нафар меҳнат фахрийси Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати билан тақдирланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонининг тегишли буйруғига асосан сарҳадларимиз хавфсизлигини таъминлаш, давлат хавфсизлигини мустаҳкамлашда жонбозлик кўрсатиб келаётганлигини муносабати билан бир нафар ходим III даражали “Чегара қўшинлари аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг тегишли буйруғи билан, 21 нафар ходимларга офицерлар таркибининг “катта лейтенант” махсус унвони ҳам тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, хизмат вазифасини бажариши билан боғлиқ ҳолатда унга пора таклиф қилинаётганлиги тўғрисида вилоят ИИБ раҳбариятига тегишли тартибда маълум қилиб, тизимда коррупцияни олдини олиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасини кўрсатиб, ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашган ҳолда ҳамкасбларига алоҳида ўрнак кўрсатганлиги ҳамда жамиятда қонун устиворорлиги, жазо муқаррар эканлигини амалда таъминлаганлиги учун бир нафар ходим 10.000.000 миқдоридаги пул мукофоти билан тадирланди.
Байрам тадбири давомида барча тақдирланганлар ва шахсий таркиб яна бир бор муборакбод этилиб, келгусида ҳар бир ходим эътибордан четда қолмасдан, турли даражадаги мукофотларга тавсия этилиши ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимининг барча йўналишларида манзилли ишлар олиб борилиши таъкидланди.