12 Июл 2025 йил 221

2025/2026 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказиш даврида хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларига доир кенгайтирилган тезкор йиғилиш ўтказилди

2025–2026-ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилиш жараёнида тест синовларининг хавфсиз, шаффоф ва уюшқоқ тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида кенгайтирилган тезкор йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишга Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилди. Унда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул раҳбарлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Бухоро вилояти Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раҳбарлари ҳамда бошқа тегишли идора ва хизматлар мутасаддилари иштирок этдилар.

Йиғилишда Жорий йилнинг 14-23 июль кунлари 2-сменада Бухоро вилоятидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлими ҳамда "Ёшлик" спорт мажмуасида тест синовлари ташкил этилиши белгиланганлиги сабабли, ушбу манзилларда хавфсизлик чораларини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, абитуриентлар ва уларнинг яқинлари учун қулай ва осойишта муҳит яратиш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Синовларга ҳамроҳ бўлиб келадиган фуқаролар тўпланадиган махсус жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар, ҳуқуқий тарғибот ва тушунтириш ишларини ташкил этиш, шунингдек, мониторлар орқали мавзуга доир видеороликларни намойиш этиш каби чора-тадбирлар юзасидан ҳам аниқ вазифалар юклатилди.

Йиғилиш давомида шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, эҳтимолий фавқулодда ҳолатларга тезкор муносабат билдириш, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунида барча мутасадди идора ва хизмат раҳбарларига белгиланган вазифаларни масъулият билан бажариш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Text to speech