7 Март 2024 йил 2684

8 март — “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан Бухоро вилояти ички ишлар органларида фаолият олиб борувчи хотин-қизлар муносиб эътироф этилди

Аёл — гўзаллик, садоқат ва фидойилик рамзи. Аёлни эъзозлаш шарқона маданий меросларимиз сирасига кирадиган қадриятларимиздан бири саналади.

Бугун ушбу латофат соҳибалари орасида эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар сони тобора ортиб боряпти.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида 8 март — “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан тантанали тадбир ташкиллаштирилиб, ҳам аёл ҳам осойишталик посбонлари муносиб эътироф этилди.

Унда вилоят ИИБнинг соҳавий хизматлар раҳбарлари, тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ва соҳа фахрийлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашни ўзининг бурчи деб билиб, ички ишлар органлари сафида фидокорона хизмат қилиб келаётган барча хотин-қизлар ва фахрий аёлларни сана муносабати билан самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг тизим хотин-қизларига йўллаган байрам табриги ҳамда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималарни мукофотлаш тўғрисидаги тегишли буйруғи ўқиб эшиттирилди.

Унга кўра, ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлиги учун 2 нафар ходимага “Аъло хизматлари учун”, 2 нафарига 2 даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” ҳамда яна 2 нафарига 3 даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари,1 нафарига Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” ва 2 нафарига вазирнинг “Эсдалик қўл соати” тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, Бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимовнинг тегишли буюриғи асосида 2 нафар ходима бошқарма бошлиғининг “Эсдалик қўл соати” ҳамда 2 нафари бошқарма бошлиғининг қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар-туманлари бўйлаб қизғин давом этмоқда. Зотан аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади.

Text to speech