7 Март 2025 йил 3461

8 март — “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан Бухоро вилояти Ички ишлар органларида фаолият олиб борувчи хотин-қизлар муносиб эътироф этилди

Аёл — гўзаллик, садоқат ва фидойилик рамзи. Аёлни эъзозлаш шарқона маданий меросларимиз сирасига кирадиган қадриятларимиздан бири саналади.

Бугун ушбу латофат соҳибалари орасида эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар сони тобора ортиб боряпти.

Бухоро вилояти Мусиқали драма театрида 8 март — “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан тантанали тадбир ташкиллаштирилиб, вилоят ички ишлар органларида фаолият олиб борувчи ҳам аёл ҳам осойишталик посбонлари муносиб эътироф этилди.

Унда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳабарияти, тизимда фаолият олиб бораётган 250 дан ортиқ хотин-қизлар ва соҳа фахрийлари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашни ўзининг бурчи деб билиб, ички ишлар органлари сафида фидокорона хизмат қилиб келаётган барча хотин-қизлар ва фахрий аёлларни сана муносабати билан самимий муборакбод этишди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг тизим хотин-қизларига йўллаган байрам табриги ҳамда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималарни мукофотлаш тўғрисидаги тегишли буйруғи ўқиб эшиттирилди.

Унга кўра ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлиги учун 1 нафар ходимага муддатидан аввал катта лейтенант унвони, 1 нафар ходимага "Аъло хизматлари учун", 1 нафарига ИИ даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” ҳамда яна 1 нафарига II даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, 1 нафарига Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” ва 1 нафарига вазирнинг “Эсдалик қўл соати” тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғи билан бир гуруҳ ходимлар моддий рағбатлантирилди.

Шу билан биргаликда байрам муносабати билан вилоят ҳамда республика даражасида ўтказилган турли кўрик-танлов ҳамда спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришган ходималарга диплом, пул ва бошқа қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Сана муносабати билан вилоят Маданият бошқармаси томонидан тайёрланган концерт дастури, хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар-туманлари бўйлаб қизғин давом этмоқда. Зотан аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака барқарор бўлади.

Text to speech