7 Март 2023 йил 376

8 март — “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан вилоят ИИБда ташкил этилган тантанали тадбирда ҳам аёл, ҳам осойишталик посбонлари муносиб эътироф этилди

Аёл — гўзаллик, садоқат ва фидойилик рамзи. Аёлни эъзозлаш шарқона маданий меросларимиз сирасига кирадиган қадриятларимиздан бири саналади.

Бугун ушбу латофат соҳибалари орасида эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар сони тобора ортиб боряпти.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида 8-март — “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан тантанали тадбир ташкиллаштирилиб, ҳам аёл ҳам осойишталик посбонлари муносиб эътироф этилди.

Унда вилоят ИИБнинг соҳавий хизматлар раҳбарлари, тизимда фаолият олиб бораётган 200 дан ортиқ хотин-қизлар ва соҳа фахрийлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашни ўзининг бурчи деб билиб, ички ишлар органлари сафида фидокорона хизмат қилиб келаётган барча хотин-қизлар ва фахрий аёлларни сана муносабати билан самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг тизим хотин-қизларига йўллаган байрам табриги ҳамда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималарни мукофотлаш тўғрисидаги тегишли буйруғи ўқиб эшиттирилди.

Унга кўра ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлиги учун 1 нафар ходимага "Аъло хизматлари учун", 2 нафарига II даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” ҳамда яна 2 нафарига III даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, 3 нафарига Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” ва 2 нафарига вазирнинг “Эсдалик қўл соати” тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, 6 нафар ходима бошқарма бошлиғининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда 9 нафари “Ташаккурнома”си ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Қолаверса, 188 нафар хотин-қизлар вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан моддий рағбатлантирилиб, айрим ходималарнинг интизомий жазо чоралари рағбатлантириш тариқасида муддатидан илгари бекор қилинди.

Шу билан биргаликда байрам муносабати билан вилоят ҳамда республика даражасида ўтказилган турли кўрик-танлов ҳамда спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришган 5 нафар ходималарга диплом, пул ва бошқа қимматбаҳо совғалар берилиб, 2 нафар фахрий ходималар ҳам муносиб эътироф этилди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар-туманлари бўйлаб қизғин давом этмоқда. Зотан аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади.

Text to speech