Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник М.Миралимов томонидан Бухоро туманида жиноятчиликнинг фуқаробай муҳокамаси ўтказилди
Маълумки, бугунги кунда ҳудудларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида низоли оилаларда оилавий қадриятларни тиклаш, мавжуд низоларни ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича “фуқаробай” ишлар амалга оширилмоқда .
Хусусан, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ва хавфсиз ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш борасида ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида маҳаллада фаолият олиб борувчи бешлик имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилоятида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчилик ҳолати жойида муҳокама қилиб борилмоқда.
Жумладан, бугун, 14 март куни жиноятчиликнинг навбатдаги “фуқаробай” муҳокамаси бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан туман ҳокими бошчилигидаги масъул соҳавий раҳбарлар ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Бухоро тумани “Мустақиллик” маҳалласи мисолида ўтказилди.
Мазкур маҳаллада ўтган ҳисобот йилида жами 14 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу ҳудуд “қизил тоифа” сирасига кирган. Жорий йилнинг март ойида ҳам ҳудуд фуқаросининг яна бир оғир турдаги (одам савдоси) жиноят содир этиши маҳаллада “фуқаробай” тизимнинг ишламаётганидан далолат бергани таъкидланди.
Муҳокамада маҳалла фуқароси томонидан содир этилган жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига имкон берган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди.
Маҳаллада келгусида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида, “хонадонбай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, айниқса ишлаш ёки бошқа мақсадларда чет элга чиқиб кетган ва чет элдан қайтиб келган фуқаролар билан ишлашнинг замонавий методларини қўллаш, тааллуқли идоралар вакиллари билан узвий ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.