Афв этилган фуқароларнинг муаммолари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 488 нафар шахс афв этилди. Улар қаторида Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи 18 нафар шахслар ҳам бор.
Бугун, Бухоро вилояти прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги масъуллар Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Ижтимоий профилактика бўлими биносида афв этилган ушбу 18 нафар бухоролик фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, уларнинг мурожаатлари бўйича манзилли чора тадбирларни белгиладилар.
Жараёнда давлатимиз раҳбари томонидан берилган имкониятни чуқур ҳис қилган ҳолда, ундан оқилона фойдаланиш, келгусида жиноят ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз бўлиш, қайта жиноят содир қилмаслик борасида тушунчалар берилди.
Шунингдек, афв этилиб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтган ушбу фуқароларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун кўмак бериш борасида маҳалла "еттилиги", тегишли корхона ва ташкилотлар вакилларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.