23 Июл 2025 йил 2494

Ахборот хавфсизлиги – замон талаби: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини яқиндан ўрганди

Бугунги рақамли замонда ахборот технологиялари жамиятнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бир пайтда, ушбу йўналишдаги жиноятларга қарши курашиш, уларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи яқинда янгидан ташкил этилган Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф чоғида ички фаолият, кадрлар салоҳияти, қўлланилаётган техник воситалар ва дастурий таъминотни ўрганди.

Жиноятлар кўламининг ўсиши аҳоли ахборот хавфсизлигини таъминлаш, интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ноқонуний эгаллаш ва фейк аккаунтлар орқали содир этилаётган жиноятларни тезкор аниқлаш зарурлигини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Шу муносабат билан бошқарма фаолиятини замонавий ахборот тизимлари, интеллектуал кузатув камералари ва рақамли таҳлил платформалари билан жиҳозлаш бўйича топшириқлар берилди.

Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкор жавоб бериш мақсадида "Call-марказ" ташкил этиш, идоралараро интеграцияни йўлга қўйиш ва бюрократик тўсиқларни камайтириш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, кибержиноятларни фош этишда замонавий дастурий ечимлар, рақамли изларни аниқлаш ва кибер таҳлил имкониятларини амалиётга жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Ёшлар ва кенг жамоатчилик ўртасида "Киберхавфсизлик соати" каби доимий тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали ҳуқуқий саводхонликни ошириш юзасидан тавсиялар берилди.

Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси фақат назорат эмас, жамиятни хабардор қилиш ва ҳимоя қилиш вазифасини ҳам амалга оширувчи муассасага айланиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Text to speech