Шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарлик ва коррупциоген ҳолатларнинг олдини олиш, ходимларнинг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш, фавқулодда вазиятларда тезкорлик билан ҳаракат қилиш ҳамда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини ошириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида Бухоро вилояти ИИБнинг кенг қамровли йиғилиши ўтказилди
Йиғилишни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи шахсан ўзи олиб борди.
Тадбирда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг 6-минтақавий ҳудуди ва жазони ижро этиш муассасалари раҳбарияти, ИИВ таркибидаги ҳарбий қисм командири, Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи, ИИВ Бухоро академик лицейи директори ҳамда барча шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилишда республика ички ишлар органлари, жумладан Бухоро вилояти ИИБ ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан содир этилган қонунбузарликлар, хизмат ва ижро интизомини бузиш ҳолатлари аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиниб, шахсий таркиб эътиборига етказилди. Бу каби ҳолатлар хизмат интизоми ва қонун устуворлигига таҳдид солиши, тизимга нисбатан ишончга салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди.
Шу билан бирга, мурожаатлар билан ишлашда кузатилаётган тизимли камчиликлар, сансалорлик, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқмаслик ҳолатлари айрим ҳолларда коррупцион вазиятларга олиб келаётгани кескин танқид қилинди. Мазкур йўналишда назоратни кучайтириш, мурожаатларга муносабатда масъулиятли ва адолатли бўлиш, фуқаролар ишончини оқлаш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.
Йиғилишда кундузги ва тунги хизматга, пиёда ҳамда автопатруллик гуруҳлари, шунингдек, тезкор-тергов гуруҳларига жалб этилган ходимларнинг чақирув асосида ҳодиса содир бўлган жойга ўз вақтида етиб бориши, у ерда амалга оширадиган процессуал ҳаракатларни қонуний, аниқ ва талаб даражасида олиб бориш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қонуний асосда жисмоний куч, махсус воситалар ва қуролдан фойдаланиш бўйича кўникмаларни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шахсий таркибнинг касбий маҳорати, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги, фавқулодда вазиятларда тўғри, тезкор ва аниқ ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича доимий машғулотлар ўтказиш, малака ва шайликни баҳолашнинг самарали механизмларини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш якунида барча мутасаддиларга хизмат интизомини мустаҳкамлаш, шахсий таркиб билан индивидуал ишлаш, тизимда шаффофлик ва жамоатчилик ишончини ошириш, шу билан бирга ҳуқуқбузарлик ва коррупцияга қарши курашиш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.