15 Ноябр 2022 йил 745

Ҳамкорлик: Аёллар жиноятчилигини олдини олиш — жамиятнинг юксак масъулияти

Жамиятнинг, давлатнинг эртаси бевосита халқнинг келажаги бўлмиш ёш авлодни дунёга келтириб, тарбиялаётган аёлларнинг қўлидадир десак муболаға бўлмайди. Аммо, халқнинг фарзандларини, юртнинг эртасини тарбия қилаётган оналар ҳамда жамиятда ўз ўрнини топиши керак бўлган қизлар ҳақида сўз борганда жиноятчи сўзини уларга низбатан қўлланиши, жуда аянчли ва оғриқли юкдир.

Шу ўринда, бугун, 15 ноябрь куни Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи подполковник Дилфуза Шаропова бошчилигидаги қатор масъуллар иштикорида вилоят 3-секторга қарашли ҳудудларда хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш юзасидан навбатдаги муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш Шофиркон, Вобкент ва Ғиждувон туманларида жорий йилнинг 10 ойи давомида содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларига доир танқидий ва таҳлилий руҳда бориб, масъулларга ҳуқуқий тавсиялар берилди.

Бунда, Ғиждувон туманининг «Шарқ», «Памўза», «Сактаре» ва Вобкент туманининг «Истиқлол», «Шакаркент», «Ҳаживон», «Диёр» ҳамда Шофиркон туманининг «Қалмақон», «Бобоҳайдар», «Саврак» маҳаллаларида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятчилик ҳолатлари муҳокама қилинди.

Криминоген вазияти ёмонлашган 10 та «қизил» тоифадаги маҳаллада жиноятчиликнинг барвақт олдини олишнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда манзилли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, ҳудудларда «хонадонбай» тизими асосида «Аёллар», «Ёшлар» ва “Темир дафтар”ларга киритилган хотин-қизларнинг мавжуд муаммоларини яқиндан ўрганиш юзасидан топшириқлар берилди.

Text to speech