30 Май 2023 йил 473

Ҳарбий хизматга бориш олди тиббий кўрик ҳужжатларини “тахлаб” берган устомон жиноят устида қўлга олинди

ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Бухоро шаҳар Мудофаа ишлар бўлими сафарбарлик чақируви резерви бўлинмаси бошлиғининг катта ёрдамчиси Бухоро шаҳар “Кўксарой” маҳалласида яшовчи 1998 йилда туғилган С.Д. исмли шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро У.Қ. ни алдаб, ишончига кириб, унинг ўғлини бир йиллик ҳарбий хизматга юбориш учун тиббий кўрикдан ўтказишда врачларга пора бериб, соғлом деб ўтказиб, Тошкент вилояти Зангиота туманида ҳарбий хизматга юборганлиги эвазига 2023 йилнинг март ойи охирида 300 АҚШ доллари талаб қилиб олган.

Аммо, ҳарбий хизматга чақирилган фуқаро жорий йилнинг апрель ойи охирида ҳарбий хизмат ўтаётган ҳарбий қисмда такроран тиббий кўрикдан ўтказилганда, кўзидаги нуқсони сабаб ҳарбий хизматдан бўшатиб юборилган.

Шундан сўнг, С.Д. ишни бажара олмаганлиги сабабли “солдат”нинг отасидан олган 300 АҚШ долларидан 1.575.000 сўм пулларни қайтариб бераётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.Д. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда, фуқароларимизга ноқонуний йўл билан мушкулингизни осон қилиш, “иш” битириш, мўмай даромадни кўзлаб қонунларни айланиб ўтиш жиноят эканлиги ҳамда айнан шу каби ҳолатлар жиноят қонунчилигида ҳар иккала томоннинг ҳам бирдай жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.

Огоҳ бўлинг! Фирибгарларнинг найрангига учиб жабрдийда бўлиш билан бир вақтда, билиб билмай айбсиз айбдорга айланиб қолманг!

Text to speech