Авф этилганларнинг муаммолари ўрганилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолаганди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 334 нафар шахс афв этилди.
Улар орасида 13 нафар бухороликлар ҳам бор.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга, маҳаллий ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилган эди.
Шундан келиб чиқиб, бугун, 28 декабрь куни вилоят секторлар раҳбарлари ва тегишли корхона-ташкилотлар мутасаддилари афв этилган фуқаролар билан учрашди.
Учрашув давомида афв этилганларнинг ҳар бири билан алоҳида мулоқот қилинди. Улардан ҳол-аҳвол сўралиб, келгусидаги режалари билан қизиқилди. Ижтимоий ҳаётга мослашиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари имкониятлари ўрганилди.
Афв этилганлар билан суҳбат асносида сектор раҳбарлари уларнинг ижтимоий-тиббий реабилитацияси, соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Афв этилган кишиларга бундан буён халқимиз ва Президентимизнинг ишончини оқлаб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши кераклиги уқтирилди.
Жазодан озод этилганлар қилган ишларидан пушаймонликларини таъкидлаб, билдирилган ишонч учун халқимизга, ҳукуматимизга миннатдорчилик билдирдилар.