Автомашинага йўловчи сифатида чиқиб 44 миллион сўм пулларни ўмарган шахс ушланди
Бухоро вилояти ИИБнинг 102 бошқарув марказига келиб тушган хабарга кўра, 2024 йилнинг 28 апрель куни тахминан соат 21:00 ларда номаълум шахс Бухоро шаҳрининг Шейхон маҳалласида яшовчи, фуқаро бошқарувида бўлган автомашинага йўловчи сифатида ўтириб, Бухоро шаҳрининг Наврўз маҳалласи ҳудудидан ҳаракатланиб кетаётган вақтда, ҳайдовчининг чалғиб қолганлигидан фойдаланиб, автомашина салонида бўлган 44 миллион сўм нақд пулларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган техник, тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Андижон вилоятида яшовчи, 1991 йилда туғилган Р.Э. исмли шахснинг содир қилганлиги фош этилди.
Ҳозирги кунда ушбу гумонланувчи шахснинг бошқа худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.