Автомашинадан пулларни ўмарган шахс қўлга олинди.
2021 йил 4 апрель куни номаълум шахс Қоракўл тумани "Чекирчи" маҳалласида жойлашган мол бозори олдида турган, туманнинг "Човли" маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган Ж.Б.га тегишли “Ласетти” русумли автомашинанинг ҳайдовчи томон эшигини ғайриқонуний равишда очиб, автомашина орқа ўриндиғида бўлган 10.500.000 сўм нақд пулларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни 1987 йилда туғилган Э.Ш. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.