Байрамга муносиб совға бўлди
Таъкидлаш жоизки, сўнги йилларда Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлидаги масъулиятли ва шарафли хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган ички ишлар органлари ходимлари, вазирлик тизимидаги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш, яшаш ва хизмат вазифаларини ўташлари учун муносиб ва хавфсиз шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
25 октябрь “Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан Бухоро шаҳрида ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшинларининг 50 нафар ҳарбий хизматчиларига янги хонадонларнинг топширилиши ҳам ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этдилар. Унда сўзга чиққанлар бугунги кунда давлатимиз раҳбари бошчилигида ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларини турар-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтиб бугунги қўшалоқ байрам билан муборакбод этишди.
Таъкидлаш жоиз 15 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига Бухоро шаҳрида бунёд этилган замонавий кўринишдаги 7 қаватли 50 хонадондан иборат ушбу уй-жойларнинг қуриб топширилгани, имтиёзли тўлов кредити асосида берилаётгани мана шу хайрли ташаббуснинг амалдаги ифодасидир. Бу каби рағбат эътибор ходимларни ўз касбига бўлган муҳаббатини янада ошириб, хизмат фаолиятига куч-ғайрат бағишлаш билан бирга, уларни янги марралар сари етаклайди.