Бир неча кишининг пластик карталаридан пул ўмарган фирибгар аёл ушланди
2022 йилнинг 17 октябридан 21 ноябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш ва моддий бойлик орттириш мақсадида “Ҳалқ банки” АТБ томонидан Когон шаҳар Темирйўлчи кўчасида яшовчи фуқаро Б.М. номига расмийлаштирилган ҳамда яна шунга ўхшаш 4 нафар фуқароларнинг пластик карталаридан жами 21.328.000 сўм пулларини ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ечиб олиб, жабрланувчиларга моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми “б" ва "Г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ғиждувон тумани б.Нақшбанд кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган Ш.Д. исмли аёл содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда ушбу шахснинг вилоятимиз ҳамда Республикамизнинг бошқа ҳудудларида содир этилиб аниқланмасдан қолаётган худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.