Бош прокуратура ишчи гуруҳи Бухорода жиноятчиликка қарши курашиш ва коррупциянинг олдини олишга доир бажарилган ишлар билан танишди
Бош прокуратуранинг ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув ва тергов жараёнида коррупциянинг олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар аҳволи яқиндан ўрганилди.
Жумладан, вилоят ва туман (шаҳар) прокуратуралари, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлимлари иш юритувидаги терговга қадар текшириш ҳужжатлари ва жиноят ишлари ўрганилиб, суриштирувчи ва терговчилар билан суҳбатлар ўтказилди.
Бунда, суриштирув ва тергов жараёнларида коррупциянинг олдини олиш, инсон шаъни ва қадр - қимматининг камситилишига йўл қўймаслик, фаолиятда қонунийликни қатъий таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўрганиш натижалари жорий йилнинг 27 май куни Бош прокурор биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилиниб, ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш, тергов сифатини ошириш ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўймасликка доир топшириқлар берилди. Фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ижрога қаратилди.