Бошқарма бошлиғи ўринбосари олис Ғиждувон туманида “аҳволи оғир” тоифасига киритилган ёшлар муаммоларини яқиндан ўрганди
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ёшлар билан ишлаш барча раҳбарлар, жумладан, кенг жамоатчилик ва бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу ўринда, Президент ташаббуси билан “Ёшлар соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан” ўтказилган видеоселектор йиғилишида парламент вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар, зиёлилар, сектор раҳбарлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳам ёшлар тарбияси, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш йўлида қаттиқ бел боғлаб, астойдил шуғулланиши белгилаб берилган.
Мазкур топшириқлар ижроси юзасидан вилоят 3-сектор ҳудудига кирувчи Ғиждувон туманидаги Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари — ЖХХ бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев иштирокида маҳаллалар кесимида қатор учрашувлар ташкил этилиб, ҳар бир ёшнинг хонадонига борилган ҳолда улар билан суҳбат қурилиб, яшаш шароити, мавжуд муаммо ва таклифлари яқиндан ўрганилмоқда.
Бунда, ёшлар томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши, контракт тўлови, тиббий даволаниш каби ижтимоий муаммолар бўйича мурожаатлар билдирилди.
Асосий эътибор мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун иш юритувига олинган мурожаатлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.