Бухоро шаҳри жиноятдан холи "яшил" ҳудудга айланади
Бугун, 7 сентябрь куни Бухоро шаҳар ҳокимлигида Вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Маҳмуд Истамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов бошчилигида Бухоро шаҳрида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги амалга оширилаётган манзилли ишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 – 11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида “Бухоро тажрибаси”ни яратиш керакли тўғрисида тегишли топшириқлар берилган эди.
Ўтказилган муҳокама йиғилиши ҳам ушбу топшириқлар ижросига қаратилиб, Бухоро шаҳрида криминоген вазиятни барқарорлаштириб, жиноятчиликни жиловлаш борасидаги ишларни белгилаб олишга хизмат қилди.
Унда шаҳар сектор раҳбарлари, прокуратура, ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизмат вакиллари, ҳоким ўринбосарлари, тааллуқли ташкилот ва корхоналар вакиллари ҳамда Бухоро шаҳридаги мавжуд маҳаллалар "бешлик" лари иштирок этишди.
Йиғилишда дастлаб, вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, вилоятда содир этилаётган жиноятларнинг 30 фоизи Бухоро шаҳрига тўғри келаётгани, Бухорои шариф улуғ пиру комиллар, буюк сиймолар юрти эканлиги, бу заминда содир этилган битта жиноят ҳам аслида фавқулотда ҳолат ҳисобланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Жиноятларни олдини олиш борасидаги кенг кўламли профилактик тадбирларни бугундан бошлаб энг юқори босқичга кўтариш кераклиги, жорий йил охиригача Бухоро шаҳри ўз номига, тарихига, нуфузига монанд жиноятдан холи "яшил маскан"га айланиши лозимлиги ҳақида сўз юритилиб, бунга маҳаллаларда фаолият олиб борувчи «бешлик» вакиллари, маҳалла раиси, профилактик инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчисининг узвий ҳамкорлигини йўлга қўйган ҳолда эришиш мумкинлиги айтилди.
Шундан сўнг, Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Истамов сўзга чиқиб, Бухоро шаҳрида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида тузилган "Йўл харитаси" ҳақида маълумот берди.
Унга кўра Бухоро шаҳрида жиноятчиликни жиловлаш борасида 17 та йўналиш бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳлар вазифалари бирма-бир тушунтирилди.
Ушу гуруҳлар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси, амалга оширилаётган профилактик тадбирлар самарадорлиги шахсан вилоят прокурори ҳамда ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан назорат қилиниши ҳам айтиб ўтилди.
Кейинги ўринда сўзга чиққан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ўз сўзида вилоятда жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида содир этилган жиноятлар таҳлилига тўхталиб, ҳудудларнинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклигини айтиб ўтди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда, келусида бажарилиши лозим бўлган кенг кўламли профилактик тадбирлар, ҳар бир вазифа юзасидан масъуллар ва унинг бажарилиш муддатлари аниқ белгиланди.