Бухоро шаҳрида мавжуд 65 та маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди
Танқидий-таҳлилий тарзда ўтган мазкур йиғилишда, вилоят Прокуратураси ҳамда Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, тегишли корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда 65 та маҳаллаларда фаолият олиб бораётган «еттилик» вакиллари иштирок этишди.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 1-сонли Қарори асосида Бухоро шаҳридаги маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар бирма-бир таҳлил қилиниб, бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган кенг кўламли профилактик тадбирлар юзасидан топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, сўнгги вақтларда маҳаллаларда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, омил бўлган шарт шароитлар танқидий муҳокама қилиниб, аҳоли муаммоларини хонадонбай ўрганиш, мурожаатлар билан ишлаш, айниқса ажрим ёқасига келиб қолган, судларда низолашаётган ва бошқа муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш, оила турмуш муносабатлари доирасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда ҳар бир мутасадди идоранинг масъуллари ўзларига юкланган вазифани лозим даражада бажариши кераклиги таъкидланиб, маҳаллаларда ишни тўғри ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Бухоро вилояти ИИБ киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан "Кибержиноят ва кибергигиена" мавзусида маъруза қилиниб, бу турдаги жиноятларни олдини олиш усуллари борасида батафсил тушунчалар берилди.