17 Апрел 2025 йил 1351

Бухоро давлат университетида ўтказилган "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви талабаларнинг қатор ташаббус ва таклифлари рўёбига хизмат қилди

Ҳар қандай давлатнинг келажагини маънан етук, жисмонан соғлом ва интеллектуал салоҳиятли ёшлар белгилайди. Зотан, ёшларга эътибор мамлакатимиз келажагига бўлган эътибордир. Бухоро давлат университетида ўтказилган "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ушбу мақсадларга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

2025 йилнинг 8 март куни Ички ишлар ҳамда Олий таълим, фан ва инновацияларни ривожлантириш вазирликларининг қўшма қарори тасдиқланиб, унга кўра республика ҳудудидаги барча олий таълим муассасаларига ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари масъул этиб бириктирилди.

Мазкур қарорга асосан Бухоро давлат университети талаба-ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш вазифаси вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғига юклатилган.

Қарорда кўрсатилган вазифаларни ижро этиш борасида университет масъуллари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Университет раҳбарияти, вилоятнинг бош имоми, Ички ишлар бошқармасининг тегишли соҳавий хизматлари масъуллари, муассаса профилактика инспекторлари ва талаба ёшлар иштирокида бугун ўтган мазкур очиқ мулоқотда, мутасаддилар давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида алоҳида тўхталиб, талаба ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш борасида сўз юритилди. Талаба ёшлар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар бирма-бир таҳлил қилиниб, келгусида бу каби нохушликларни олдини олишнинг аниқ ва манзилли чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Учрашув сўнггида талабаларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

Уларнинг қизиқиш ва мурожаатлари ижроси юзасидан Университет раҳбарияти ҳамда бошқа мутасаддиларга манзилли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Text to speech