15 Октябр 2022 йил 779

Бухоро: “Оилам — қўрғоним” номли тадбир ташкил этилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Аёл хўрланса оилада носоғлом маънавий муҳит шаклланади, аёл бебош бўлса, жиноятга йўрғалайди, аёл касалманд бўлса, миллат генофонди бузилади, аёл илму маърифатдан узоқлашса, фарзандлар тарбиясиз ўсади. Бу эса алал-оқибат мамлакат тараққиётига болта уриши муқаррар. Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади”.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ИИВ ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилояти ҳудудида ўтказилаётган ўрганишлар доирасида бугун, 15 октябрь куни Бухоро шаҳрида вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ажримларнинг олдини олиш, оилалардаги низоларни бартараф этиш, “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Оилам — қўрғоним” номли навбатдаги тадбир ташкил этилди.

Бунда, жорий йил давомида ҳудудида бирорта ҳам жиноят ва ажрим ҳолатлари қайд этилмаган 3-секторга қарашли “Ҳавзи нав” маҳалласи масъулларининг иш фаолияти намуна қилиб кўрсатилиб, ўзаро тажриба алмашинуви учун айни муддао бўлди.

Тадбирда Бухоро шаҳар ҳудудидаги 65 та маҳаллалардан 70 дан ортиқ ўзаро низоли, ажрим ёқасига келган ҳамда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож бироқ, касб-ҳунар эгаллаш ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизлар ва ёши улуғ, узоқ йиллик намунали ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар иштирок этди.

Қизғин ўтказилган тадбир давомида вилоят ИИБ, Адлия, Бандлик бошқармалари, ФҲДЁ, Ҳунарманд уюшмаси, Халқ банки мутахассислари ва Бухоро давлат университети психологлари томонидан хотин-қизларнинг мавжуд муаммо ва таклифлари атрофлича ўрганилиб, уларга ҳар томонлама ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар берилди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги ЖХХД ҲПХ бошлиғи полковник Бахтиёр Бердиалиев сўз олиб, оила тотувлиги, фарзанд тарбиясидаги асосий масъулият онанинг зиммасига тушар экан, бунинг учун энг аввало хотин-қизларни илму маърифатга йўналтириш, касб-ҳунарга ўргатиш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбир доирасида ташкил этилган 3-секторга қарашли “Ҳавзи нав” маҳалласида истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар томонидан йўлга қўйилган ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш маҳсулотлари кўргазмаси йиғилганларда ташаббускорликни ривожлантириш бўйича алоҳида ўрнак бўлгани билан самарали бўлди.

Мазкур тадбир мобайнида ажрим ёқасидаги 4 та оила яраштирилиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 5 нафар хотин-қизга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди ва 8 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.

Якунда вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи ҳамда Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи иштирокида бир қатор намунали оилалар вакилларига жорий йил давомида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида яратилган қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўзи ва оиласининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини янада яхшиланиши борасида фаоллиги ва ташаббускорлиги учун вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ҳокими ўринбосарининг ташаккурномаси ва вилоят Ҳунарманд уюшмаси томонидан 15 октябрь — “Қишлоқ аёллари куни” муносабати билан дипломлар ҳам топширилди.

Text to speech