Бухоро шаҳрида тиббиёт бўлимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга тушди
Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида, Бухоро шаҳар Шейхон кўчасида яшовчи, 1974 йилда туғилган T.D. исмли аёл ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш орқали текин даромад орттириш мақсадида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани «Каттабоғʼ» маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган бошқа бир фуқарони алдаб, ўзининг ваколатли танишлари орқали жами 1000 АҚШ доллари эвазига уни Бухоро вилояти Фтизиатрия ва Пульмонология (Сил касалликлари шифохонаси) марказига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, эвазига олдиндан келишилган пулларнинг бир қисми, яъни 300 АҚШ доллари миқдоридаги кимёвий ишлов берилган пулларни олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан T.D. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.