Бухоро шаҳрида ўзганинг автомашинасини қасддан ёқиб юборган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан берилган маълумотга кўра, 2023 йилнинг 26 май куни тахминан соат 23:30 ларда ноъмалум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, текин бойлик орттириш мақсадида Бухоро шаҳар Мустақиллик кўчасидаги “Қаххоров” ўқув маркази олдидан ўтувчи йўл ёқасида носоз ҳолда (олд ғилдираги ўқидан чиқиб кетган ҳолатда) қаровсиз қолдирилган Бухоро тумани “Гулшанобод” маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган О.А. га тегишли бўлган “Жигули” русумли автомашинанинг эшиклари очиқлигидан фойдаланиб, автомашинага кириб, уни бар қисмидан пул ёки бошқа моддий қимматликларни қидириб топа олмагач, далилларни йўқотиш ва ўзининг жиноий қилмишларини яшириш мақсадида ушбу автомашинага қасддан ўт қўйиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми ҳамда 173-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи, 2010 йилда туғилган вояга етмаганлар Қ.С. ва Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи, 2009 йилда туғилган Р.Ш. лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир этганликлари аниқланган.
Ҳозирги кунда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.