18 Июл 2024 йил 1256

"Бухоро тажрибаси" асосида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилида сектор раҳбарлари томонидан ҳудудларда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг "маҳаллабай" муҳокамаси ўтказилди

Хабарингиз бор, Бухоро вилоятида маҳаллаларда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни вилоят ҳокими бошчилигида сектор раҳбарлари томонидан кенг муҳокама қилиш бўйича "Бухоро тажрибаси" яратилган.

Ғиждувон тумани ҳокимлиги мажлислар залидан туриб видеоконференцалоқа тизими асосида ўтказилган навбатдаги муҳокамада ҳам Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов бошчилигида ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, туман (шаҳар) ларнинг сектор раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят ҳамда ҳудудий идоралараро комиссиясига аъзо ташкилотлар мутасаддилари, 544 та маҳаллалар еттилик вакиллари иштирок этишди.

Танқидий тарзда ўтган муҳокамада, Ғиждувон туманининг "Пахтаобод" ҳамда Қоровулбозор туманининг "Тинчлик" маҳаллаларида содир этилган ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларга омил бўлаётган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, бу каби жиноятларни олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Қизил тоифага кирган ушбу икки маҳалла масъулларининг ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, "“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида"ги 10-сонли қўшма қарор доирасида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланиб, масъулларнинг йўл қўйган камчиликлари бирма бир танқидий таҳлил қилинди.

Жараёнда, муҳокамага қўйилган ушбу маҳаллалар масъулларига, шунингдек, ҳудудий сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Сўзга чиққан вилоят ИИБ бошлиғи Икромжон Турсунов, вилоятда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар хусусида сўз юритиб, келгусида бу турдаги жиноятлар содир этилишини олдини олиш мақсадида, барча маҳаллаларда "хонадонбай", "оилабай" ва "фуқаробай" тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб, биринчи галда амалга оширилиши лозим бўлган ижтимоий профилактик тадбирлар юзасидан ўзининг бир қатор тавсияларини берди.

Навбатдаги сўзга чиққан вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар масъуллари ҳамда маҳаллалар еттилик вакилларининг фаолиятидаги ўзаро муносабатларда бир бирини боғловчи занжирнинг узилганлиги, ҳамкорликнинг йўқлиги ёки етарли даражада ташкил этилмаганлиги натижасида маҳаллаларда оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилаётганлигини айтиб, ўз хизмат вазифаларини бажаришда сансоларликка ва лоқайдликка йўл қўйган ҳар бир масъул мансабдор шахсга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирди.

Муҳокама якунида вилоят ҳокими томонидан барча даражадаги раҳбарлар, маҳалла еттилик вакилларига ҳар бир кўча, қишлоқ, овул ва аҳоли пунктларидаги ҳар қандай муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш, миграцияда юриб қийналган фуқароларни қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш, миграцияда юрган фуқароларнинг оила аъзолари, судда низолашаётган ёки низоли оила сифатида профилактик ҳисобга олинган, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар, пробация хизмати назорати остида турган, шунингдек, руҳий асаб ҳамда наркология диспансери рўйхатида турган, оилавий зўравонликка учраган шахслар билан манзилли ишлаш борасида ҳудудий сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар биргаликда манзилли иш олиб боришлари юзасидан кўрсатма ва топшириқларини берди.

Бухоро тажрибаси асосида вилоят сектор раҳбарлари томонидан жиноятларнинг бу каби "маҳаллабай" муҳокамаси барча ҳудудларда тизимли равишда амалга оширилади.

Text to speech