25 Ноябр 2024 йил 2001

"Бухоро тажрибаси" асосида жиноятларнинг навбатдаги "маҳаллабай" муҳокамаси ўтказилди

Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, вилоятимиз миқёсида содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни вилоят ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари томонидан танқидий муҳокама қилиш бўйича "Бухоро тажрибаси" яратилган.

Бугун ҳам Бухоро вилояти ҳокимлигидан туриб видеоконференцалоқа тизими асосида ўтказилган навбатдаги жиноятчиликнинг "маҳаллабай" муҳокамасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов бошчилигида ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, туман (шаҳар) ларнинг сектор раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят ҳамда ҳудудий идоралараро комиссиясига аъзо ташкилотлар мутасаддилари, 544 та маҳаллалар еттилик вакиллари иштирок этишди.

Танқидий-таҳлилий тарзда ўтган мазкур муҳокама йиғилишида, Бухоро туманининг "Янгиобод", Шофиркон туманинг "Темирчи", Қоракўл туманининг "Қуйи Янгибозор" маҳаллаларида вужудга келган криминоген вазият, бу ҳудудларда содир этилган ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, унга омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Криминоген вазияти оғирлашган ушбу маҳаллалар масъулларининг ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, "Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида"ги 10-сонли қўшма қарор ижроси юзасидан амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари тингланиб, масъулларнинг йўл қўйган тизимли камчиликлари танқидий таҳлил қилинди.

Жараёнда, муҳокамага қўйилган ушбу маҳаллалар масъулларига, шунингдек, ҳудудий сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Шунингек, муҳокама жараёнида:

-вилоятдаги барча маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликка барҳам бериш;

- оила турмуш соҳасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш борасидаги манзилли ишларни жадаллаштириш;

- айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги профилактик тадбирларни кучайтириш;

- ўғирлик, фирибгарлик, шу жумладан кибержиноятларни олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини манзилли ўтказиш;

-жамоат ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш;

-"қизил" ва "сариқ" маҳаллаларда манзилли ишларни олиб бориб, «яшил» тоифали маҳаллалар сонини ошириш;

-аҳолининг қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш орқали энергетика тармоқларидаги юкламаларни енгиллаштириш, аварияларнинг олдини олиш, тармоқлардаги технологик йўқотишларни пасайтириш, энг муҳими экологик тоза, “яшил” энергияга ўтиш яъни қуёш панелларини ўрнатиш жараёнини фаоллаштириш;

-куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, қўшимча талаб этилган суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғиси билан таъминлаш;

-"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни ободонлаштириб кўкаламзорлаштириш, янги боғларни яратиш борасида ҳам масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Бухоро тажрибаси асосида вилоят сектор раҳбарлари томонидан жиноятчиликнинг "Маҳаллабай" муҳокамаси барча ҳудудларда тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Text to speech