"Бухоро тажрибаси" асосида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида жиноятчиликнинг навбатдаги "маҳаллабай" муҳокамаси ўтказилди
Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, вилоятимиз миқёсида содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни вилоят ҳокими бошчилигида сектор раҳбарлари томонидан танқидий муҳокама қилиш бўйича "Бухоро тажрибаси" яратилган.
Бугун ҳам вилоят ҳокимлигидан туриб Видеоконференцалоқа тизими асосида ўтказилган навбатдаги жиноятчиликнинг "маҳаллабай" муҳокамасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов бошчилигида ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, туман (шаҳар) ларнинг сектор раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят ҳамда ҳудудий идоралараро комиссиясига аъзо ташкилотлар мутасаддилари, 544 та маҳаллалар еттилик вакиллари иштирок этишди.
Танқидий-таҳлилий тарзда ўтган мазкур йиғилишда, Пешку туманининг Навгаҳон ҳамда Жондор туманининг Қозикенти маҳаллаларида вужудга келган криминоген вазият муҳокама қилинди.
Жараёнда сўзга чиққан Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсунов ушбу ҳудудларда содир этилган ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, унга омил бўлган шарт-шароитларни бирма-бир айтиб ўтиб, криминоген вазияти оғирлашган ушбу маҳалла масъулларининг ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, "Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида"ги 10-сонли қўшма қарор ижроси юзасидан амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари ҳам тингланиб, мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла еттилик вакиллари томонидан йўл қўйилган тизимли камчиликларни танқидий таҳлил қилди.
Шунингдек, ушбу маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга доир келгусида амалга оширилиши лозим бўлган кенг кўламли профилактик тадбирлар хусусида ўзининг қатор тавсия ҳамда топшириқларини берди.
Шу билан бирга аҳоли муаммоларини ўрганиш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ҳимоя реестри ҳамда 54 тоифага кирган шахслар, айниқса миграцияга кетган ёки қайтиб келган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари, ажрим ёқасига келиб қолган, судларда низолашаётган ва бошқа муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш, бунда ҳар бир мутасадди идоранинг масъуллари ўзларига юкланган вазифани лозим даражада бажариши кераклиги таъкидланиб, маҳаллаларда ишни тўғри ташкил этиш юзасидан ўзининг тавсияларини берди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Ботир Зарипов томонидан муҳокамага қўйилган ушбу маҳаллалар масъулларига, шунингдек, ҳудудий сектор раҳбарлари ва бир қатор тизимли камчиликка йўл қўйган бошқа мутасаддиларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинди.
Муҳокама йиғилиши давомида вилоят ҳудудида кибержиноятчиликни олдини олиш, фуқаролар онгида кибергигиена тушунчасини сингдириш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш борасида ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа тааллуқли ташкилотлар вакилларининг ҳамкорликда амалга оширадиган кенг қамровли чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Жумладан, ҳар бир корхона,ташкилот ва муассаса раҳбарлари томонидан қўл остидаги ходимларнинг кибержиноят қурбонига айланиб қолишларини олдини олишга қаратилган ўз тарғибот дастурларини амалга оширишлари, банк муассасалари эса мижозларининг кибержиноятлардан ҳимояланишини таъминлашга қаратилган индивидуал дастурларини ишга туширишлари лозимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси негизида «Қалқон» видеокузатув маркази ташкил этилаётгани, ҳозирда ушбу марказни такомиллаштириш юзасидан манзилли ишлар олиб борилаётганлиги тўғрисида маълумот берилиб, барча мутасаддилар ҳамда маҳалла масъулларидан, ҳудудларда, кўчаларда, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрнатилган мавжуд камераларни тафтишдан ўтказиш, техник жиҳатдан эскирган, носоз ҳолга келганларини замонавий камераларга алмаштириш, ҳамда қўшимча равишда видеокузатув марказининг техник кўрсатгичларига мос параметрларга эга бўлган камераларни ўрнатиш ва марказга интеграция қилиш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириш, манзилли ишларни ташкил этиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.
Бундан ташқари 2025 йил "Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили" доирасида ишлаб чиқилган Давлат дастури доирасида маҳаллаларда муқобил энергия манбаларини ўрнатишга доир манзилли тарғибот тадбирларини кучайтириш, бунда "маҳаллабай"," хонадонбай" ва "фуқаробай", корхона, ташкилот ва муассасаларда эса "ходимбай" тартибда қуёш панелларини ўрнатишнинг афзалликлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориб, натижадорликка эришиш йўллари белгилаб берилди.
Бухоро тажрибаси асосида вилоят сектор раҳбарлари томонидан жиноятчиликнинг "маҳаллабай" муҳокамаси барча ҳудудларда тизимли равишда амалга оширилмоқда.