Бухоро туманида яна бир ҳуқуқ-тартибот маскани ўз фаолиятини бошламоқда
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14-17 октябрь кунлари Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб борди.
Ишчи гуруҳ вакиллари вилоятнинг барча туман-шаҳарларида бўлиб, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифалар ижроси, барча турдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Хавфсиз ва равон йўл” дастури доирасида амалга оширилган ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишларни таҳлил қилди.
Ўрганиш якуни бўйича ўтказилган танқидий руҳдаги йиғилишда, маҳаллаларда содир этилаётган жиноятлар таҳлилидан келиб чиқиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ҳар бир туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари ва мазкур ҳудудларга бириктирилган вилоят ИИБ раҳбар ходимларига жойлардаги вазиятни чуқур таҳлил қилиш асосида, жиноятчиликни жиловлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилган эди.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Бухоро туманининг криминоген вазияти оғир дея ҳисобланган ҳудудида жойлашган 5 та маҳалла, яъни “Работиқалмоқ”, “Арабхона”, “Маданиятработ”, “Подшохи” ва “Деча” маҳаллаларига хизмат кўрсатувчи ҳуқуқ-тартибот масканини ташкил этиш, ушбу маскан учун бино ажратиб уни замонавий типда таъмирлаш ва қулай шарт-шароитлар яратиш ташаббуси илгари сурилган эди.
Мазкур ташаббус республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан қўллаб қувватланиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.
Бугун, 17 ноябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда туман мутасадди раҳбарлари билан биргаликда замонавий лойиҳа асосида қайта реконструкция қилинаётган туман “Работиқалмоқ” Ҳуқуқ-тартибот масканида амалга оширилаётган сўнгги таъмирлаш, пардозлаш ва жиҳозлаш ишларининг бориши билан яқиндан танишди.
Жараёнда бошқарма бошлиғи, мазкур бинонинг таъмирланиши, пардозлаш ва жиҳозлаш ишларининг белгиланган график ҳамда сифат тамойилларига риоя қилган ҳолда олиб борилиши, зарурий техника ҳамда бошқа воситалар билан боғлиқ вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасадди раҳбарларга қатор топшириқлар бериб, бино ва унинг атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ишларини олиб бориш, замонавий коммуникация технологияларини жорий қилиш борасида ўз тавсияларини берди.