Бухоро туманида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллаларни жиноятлардан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди
Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги масъуллар ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги "2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар манзили Бухоро тумани бўлди.
Бухоро тумани вилоятимиз марказининг атрофи бўйлаб жойлашган, ҳудудий жойлашуви ва криминоген вазияти жиҳатидан бир мунча мураккаб туманлардан бири ҳисобланади.
Туман Ички ишлар бўлимига етиб келган масъуллар дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2025 йил 3 апрель кунидаги “Ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган ёшлар билан ишлаш ва улар ўртасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш тўғрисида” ги 182-сонли буйруғи талаблари асосида туман ИИБ раҳбар ходимларига бириктирилган белгиланган тоифадаги ёшлар муаммоларини ўрганишдан бошлашди. Ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда уларнинг мурожаатлари, муаммолари, фикр мулоҳазалари, таклиф ҳамда ташаббуслари эшитилиб, ҳар бири бўйича мутасаддиларга зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилиб ижроси алоҳида назоратга олинди.
Жараёнда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, қонунларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, турли жиноий тажовузлардан, ёт ғоялардан асраш борасида ҳам тушунтиришлар берилиб, бир қатор масалалари шу жойнинг ўзида ҳал этилди.
Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмида бўлган бошқарма бошлиғи “Е-material” электрон платформасига келиб тушаётган кундалик материаллар, уларни кўриб чиқиш ҳамда қонуний қарорлар қабул қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, платформанинг қулайликлари, имкониятларини бирма-бир таҳлил қилиб, мавжуд ва ечимини кутаётган бир қатор муаммоларни ўрганиб, йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан манзилли чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Кейинги манзил “сариқ тоифага” киритилган “Работак” маҳалласи бўлди. Бу ерда еттилик билан учрашиб, Давлатимиз раҳбаринингПҚ-1-сон Қарори билан белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси, жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Рақамлашган, обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Мулоқот давомида маҳаллада мавжуд муаммолар ҳам бирма-бир муҳокама қилиниб, бир қатор масалалар ечимига доир аниқ кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, бугунги кунда “Бухоро тажрибаси” асосида профилактика катта инспекторларининг хизмат фаолиятида фойдаланиш учун берилган учувчисиз аппарат (дрондан) лардан фойдаланиш амалиёти, дастлабки натижалар, ушбу қурилманинг афзалликлари ва мавжуд муаммолар ҳам яқиндан ўрганилди. Ушбу замонавий технологиянинг жиноятчиликка қарши курашда, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва профилактик тадбирларда самарали восита эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ўрганишлар якунида одатдагидек, туман ҳокимлигида тезкор йиғилиш ўтказилди. Бунда жорий йилнинг 22-29 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида олиб борилган комплекс инспекторлик текшируви якунлари юзасидан ўтказилган якуний йиғилишда берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлилий, очиқ ва конструктив тарзда ўтган йиғилишда, соҳавий хизматлар масъулларининг ҳисоботлари тингланди.
Жараёнда, туманда жорий йилнинг бугунги кунига қадар қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, омил бўлган шарт шароитлар, жиноятларнинг турлари, содир этган шахсларнинг тоифалари кесимида чуқур таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.
Якунда, бир қатор иш кўрсатгичлари паст ходимларни интизомий жазолаш, 10 нафарга яқин юқори натижа қайд этган ходимларни рағбатлантириш юзасидан қарорлар қабул қилиниб, шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарликларни олдини олишга доир профилактик огоҳлантирув ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
Ўрганиш ва якуний йиғилиш давомида аниқланган ҳар бир масала ҳамда муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилиб ижросини таъминлаш алоҳида назоратга олинди.
Бу каби ўрганишлар давом эттирилади.