14 Июн 2022 йил 625

Бухоро туманининг “Работак” маҳалласи ҳамда ҳуқуқ тартибот маскани янги бинода ўз иш фаолиятини бошлади

Маҳаллаларда аҳолига қулай шарт шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш тезкорлиги ва сифатини яхшилаш, аҳолининг муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш тизимини соддалаштириш ҳамда такомиллаштириш, маҳалла масъулларининг иш натижаларини кундалик мониторинг қилиб бориш, бунда замонавий ҳамда инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шу мақсадда вилоятимиз бўйлаб қатор маҳаллаларда замонавий лойиҳалар асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қуриб фойдаланишга топширилмоқда.

Жумладан, бугун, 14 июнь куни ҳам Бухоро тумани “Работак” маҳалласи ва Ҳуқуқ-тартибот масканининг янги бино қуриб фойдаланишга топширилди. Ушбу масканда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, шунингдек ташкил этилган ҳуқуқ-тартибот масканида профилактика инспектори, суриштирувчи, тезкор ва саф бўлинмалари ходимлари алоҳида замонавий ва қулай хизмат хоналари ажратилган бўлиб, зарурий барча шароитлар яратилган.

Шунингдек, масканда 1000 дан ортиқ турли бадиий ва публицистик адабиётларни ўзида жамлаган кутубхона ҳам ташкил этилган бўлиб, аҳоли орасида китобхонликни ривожлантириш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу ўринда, айтиш жоизки ушбу маҳаллада 2021 йил давомида жами 5 та ва жорий 2022 йилнинг ҳозирги кунига қадар 3 та жиноий ҳолатлар содир этилганлиги, маҳалланинг қизил ҳудудга киришига сабаб бўлган.

Шу боис мазкур маҳаллада ҳуқуқ тартибот масканининг ташкил этилиши, маҳаллани жиноятлардан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган профилактик ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади албатта.

Масканнинг тантанали очилиш маросимида вилоят прокурори , Ички ишлар, Солиқ ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш бошқармаси бошлиқлари, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Маълумот ўрнида: Мазкур маҳалла 26 йил илгари ташкил топган бўлиб, унда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини учун алоҳида бино бўлмагани боис, илгари ушбу маҳалла масъуллари ҳудудда жойлашган мактабгача таълим ташкилоти биносида, кейинчалик эса 1-сектор штаби биносида вақтинчалик фаолият юритиб келган.

Бугун фойдаланишга топширилган маҳалла ва унинг таркибидаги ҳуқуқ-тартибот маскани биноси маҳалла аҳолиси учун янада қулайлик олиб келган, фуқароларнинг оғирини енгил қиладиган ҳимоя қўрғони бўлди десак муболаға бўлмайди.

Text to speech