Бухоро вилоят 3-сектор раҳбари Когон туманида сайёр қабул ўтказди
Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят ҳокими ва Халқ қабулхонаси томонидан тасдиқланган режа асосида бугун, 11 август куни Когон тумани “Сорғун” маҳалласи аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ва туман 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари, бошқа тааллуқли идоралар масъуллари иштирок этдилар.
Қабулда кўтарилган 10 дан ортиқ фуқароларнинг 20 га яқин ичимлик суви, ички йўлларни шағаллаштириш ва суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш, маҳалла ёшларини спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш, қишлоқнинг таъмирланган ички йўлида тезликни чекловчи йўл белгиларини ўрнатиш, маҳаллани симли интернет тармоғига улаш, имтиёзли кредит маблағларини олишда амалий ёрдам бериш каби турли ижтимоий-иқтисодий мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъулларига топшириқлар берилди.
Иш юритувига олинган, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бошқарма бошлиғи аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш, асосан “Темир”, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларига кирган, шунингдек ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Сайёр қабулда иштирок этган маҳалла фаоллари президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги исботини ўз ҳаётларида, маҳаллада амалга оширилган кенг кўламли қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларида ҳам ҳис этганликлари учун мутасаддиларга мамнунлик билан миннатдорлик билдиришди.