Бухоро вилоят 3-сектор раҳбари «Ойтуғди» маҳалласида сайёр қабул ўтказди
Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, вилоят ҳокими ва Халқ қабулхонаси томонидан тасдиқланган режа асосида бугун, 16 июнь куни Жондор тумани «Ойтуғди» маҳалласида жойлашган 2-сонли Касб-ҳунар мактаби биносида сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ва туман 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари, бошқа мутасадди идоралар масъуллари, ушбу маҳалла ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси иштирок этдилар.
Қабулда кўтарилган ҳар бир масала мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида аҳоли уй-жой инфратузилмасини яхшилаш, оқар сув ва ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергияси таъминоти ҳамда йўл қурилиши, айниқса кўчаларга шағал ётқизиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш каби 15 га яқин фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, маҳаллада «соҳабай», «маҳаллабай» ва «фуқаробай» иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъулларига топшириқлар берилди.
Иш юритувига олинган, қўшимча текшириш талаб қиладиган мурожаатлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қисқаси, аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга оид чоралар белгилаб олинди.