Бухоро: вилоят Ички ишлар бошқармасида навбатдаги муҳокама йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат идоралари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида навбатдаги муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Бунда, вилоятдаги маҳаллаларда мавжуд ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни тизимли ҳал қилиш, фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш, ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, “Жамоат хавфсизлиги концепцияси” ижросини амалда таъминлаш, хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш бўйича “ишчи гуруҳ” томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда, аҳолини қийнаб келаётган (газ, электр токи, сув, йўл ва бошқа) муаммолар бирма бир ўртага ташланиб, уларнинг ечими бўйича коммунал идораларнинг ҳисоботлари тингланди ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора тадбирлар режаси муҳокама қилиниб, уларни ижобий ҳал қилиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, вилоят ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармасининг масъул ходимлари томонидан “Жамоат хавфсизлиги концепцияси”да белгиланган вазифалар доирасида ички ишлар органларининг 5 та ситуацион марказларини ўзаро интеграция қилиш, вилоят ИИБда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун куч-воситаларни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш ҳамда жамоат жойларида ўрнатилган видеокузатув мосламаларини тўлиқ тафтишдан ўтказиб, уларни оптик тола орқали босқичма-босқич ички ишлар органларига интеграция қилиш чораларини кўриш масаласи бўйича вазифалар белгилаб олинди.