Бухоро вилоят ИИБ бошлиғи 3-секторга қарашли Ғиждувон туманида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишди
Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларни секторлар кесимида бошқариш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишида муҳим аҳамият касб этди.
Бу борада, аҳолини айниқса, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва юрт фаровонлигини таъминлашда уларнинг беқиёс ҳиссаси яққол намоён бўлмоқда.
Шу ўринда бугун, 11 июнь куни вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев секторга қарашли Ғиждувон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида масъуллар ҳамроҳлигида туманда бўлди.
3-сектор раҳбари Шухрат Алиев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Нарзулло Ҳамдамов, туман ҳокими Шерзод Ашуров ва бошқа мутасаддилар билан биргаликда ҳудуднинг турли соҳа ва йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, янги бизнес лойиҳа ва режалар устида изланаётган ташаббускор тадбиркорлар фаолиятини жойига чиқиб ўрганди.
Хусусан, «Барака» маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳам кўздан кечирилди. Бунда, мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида: «Барака» маҳалласи Қуччи массивининг 35 гектар ер майдонида жами 24 та 5 қаватли, ҳар бири 20 хонадондан иборат бўлган 480 хонадонга мўлжалланган замонавий кўп қаватли уйлар барпо этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ҳудудда аҳолига зарур шароит ва кенг қулайлик яратиш мақсадида умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла маркази, савдо ва кўнгилочар маскан, умумий овқатланиш шохобчаси, чойхона, «Соворкинг» маркази, оилавий поликлиника, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, истироҳат боғи, меҳмонхона, спорт ва соғломлаштириш маскани, минимаркет ва сунъий кўл барпо этилади.
Ҳудудда жами 135 та жойлаштирилиши режалаштирилаётган умумий қиймати 480. млн АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар амалга оширилаётган бўлиб, келгусида 8200 нафар иш ўрни яратилади.
Шу билан бирга, ушбу маҳалла ҳудудудида логистика, текстиль ва тўқимачилик, озиқ-овқат, нефть-кимё, чарм, машинасозлик, фармацевтика, ипакчилик, қурилиш материаллари, электротехника каби бошқа турдаги саноат соҳалари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Ўрганиш давомида аниқланган муаммоларни ҳал этиш, айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга манзилли топшириқлар берилди.