Бухоро вилояти 3-сектор раҳбарининг манзилли ишлари давом эттирилмоқда
Об-ҳавонинг кескин ўзгариши туфайли коммунал тизим ва бошқа соҳаларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Шухрат Алиев вилоятнинг 3-секторига қарашли Вобкент тумани ИИБ биносида ташкил этилган тезкор штаб орқали амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилди.
Аномал совуқ пайтида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан таъминлаш, айниқса, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ таъминотида содир бўлиши мумкин бўлган узилишларни бартараф этиш, бозорлардаги нарх-навонинг барқарорлиги, жамоат транспортидан самарали фойдаланиш борасида келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиб, аниқланган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш чораларини кўриш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берди.
Жумладан, вилоят 3-сектор раҳбари ҳудудий масъуллар иштирокида Вобкент туман марказий шифохонасида бўлиб, тиббиёт муассасасининг совуқ об-ҳаво шароитида барқарор ишлашини таъминлаш, айниқса, иситиш тизимлари ҳолатини ўрганди.
Масъулларга энерго тизимни барқарор ишлашини доимий назорат қилиб бориш, бунда техника ва ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш, беморларнинг яқинлари учун ёзги ва қишки кутиш учун жойлар ҳозирлаш, реанимацион биринчи ёрдам учун зарур қўшимча аппаратлар харид қилиш бўйича таклифларини берди.
Навбатдаги манзил Вобкент тумани деҳқон бозори бўлди. Бу эрда сотувчилар билан суҳбатлашиб, савдо, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, айниқса, нарх-навони сунъий ошириб юбормаслик, шунингдек, озиқ-овқат махсулотлари сақланаётган омборларда илиқ ва салқин ҳароратни бир маромда сақлаш борасида асосли тавсиялар берилди.
Аҳолини келаси пишиқчилик мавсумига қадар сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, эҳтиёж молларининг қўшимча заҳирасини яратиш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари, шунингдек, қолган барча шаҳар ва туманлар 3-секторига қарашли маҳаллалардаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.