Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳудудий ички ишлар органлари хизмат фаолиятини ўрганмоқда
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев кундалик иш режа асосида ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг самарадорлигини ошириш борасида ўрганишлар ўтказмоқда.
Жумладан, бугун, 9 август куни бошқарма бошлиғи тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари билан биргаликда Когон шаҳар ва Когон туманида ўрганишлар ўтказди.
Когон шаҳар “Бунёдкор” маҳалласига хизмат кўрсатувчи 66-сонли ҳамда “Темирйўлчи” маҳалласига хизмат кўрсатувчи 79-сонли таянч пунктлари фаолияти, тунги навбатчилик ҳамда йўналишли патруллик гуруҳларининг фаолиятини ўрганиб, тергов тезкор гуруҳининг ҳодиса содир бўлган жойга етиб келишини кўрикдан ўтказди.
Бундан ташқари Когон тумани “Янги ҳаёт” маҳалласига хизмат кўрсатувчи 91-сонли ҳамда “Хўжа Якшаба” маҳалласига хизмат кўрсатувчи 102-сонли таянч пунктлари фаолияти, уларда тунги хизматнинг ташкил этилганлиги ҳам кўздан кечирилди.
Бунда, ҳудудларда тунги вақтларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган, шунингдек, тезкор-тергов гуруҳи ҳамда туман маркази бўйлаб патруллик гуруҳига жалб этилган ходимларнинг фаолияти жойида ўрганилди.
Мазкур ўрганишлар давомида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан мутасаддилар ва профилактика инспекторларига тегишли тавсия, кўрсатма ва топшириқлар берилиб, маҳаллада оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишини олдини олиш мақсадида, “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.