Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди
Бугун, жорий йилнинг 30 январь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, унинг қуйи тизимлари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан ўтган ҳисобот йилида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятларни фош этиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шахсий таркибни ўқитиш ва малакасини ошириш, тарбиялаш, ходимларни ижтимоий қўллаб қувватлаш, тизимда ижро ва хизмат интизоми ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Мазкур йиғилишда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Тадбир аввалида вилоят Ички ишлар бошқармаси ташкилий бошқарма бошлиғи Азим Бозоров томонидан 2022 йил давомида вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, содир бўлган жиноятларни иссиқ изида фош этиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан батафсил ахборот берилди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда, 2022 йил давомида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳам ҳисоботлари тингланди.
Ҳисоботлар тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Шундан сўнг 2022 йилда – Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга қаратилган янги лойиҳалар, куч воситалар, моддий-техник базани яхшилаш бўйича тайёрланган таклифлар муҳокама қилинди.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазаларга нисбатан ўзининг тавсияларини бериб, йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича топшириқлар берди.
Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматига ва халқига садоқатли бўлиши лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Бошқарма бошлиғи юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий шароити ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тарбиялашда устоз-мураббий анъаналарини янада кенг татбиқ этиш, ходимларни ижтимоий қўллаб қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.
2023 йилда Бухоро вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган ташкилий тадбирлар режаси ва йўл хариталарини яна бир бор синчковлик билан кўриб чиқиб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда ижрога қаратиш лозимлиги юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Йиғилиш якунида 2022 йил давомида хизматдошларига шахсий намуна кўрсатиб юқори кўрсатгичларга эришган, маъмурий ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларда самарали меҳнат қилган, содир этилган жиноятларни аниқлаш ва иссиқ изида фош этиш борасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ходимларни рағбатлантириш бўйича билдирилган таклифлар қўллаб қувватланди.
Якунда йиғилиш баёни тузилиб, ҳар бир банди ижросини таъминлаш бўйича назорат ўрнатилди.