9 Феврал 2023 йил 502

Бухоро вилояти ИИБда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг бебаҳо меросига бағишланган маънавий-маърифий мушоира ташкил этилди

Анъанага айлангани каби жорий йил февраль ойида ҳам маърифат улуғланган юртимизда назм ва наво айёми сифатида 9 февраль — сўз мулкининг султони бўлмиш, улуғ бобокалонимиз Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуди жойларда кенг нишонланмоқда.

Жумладан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ҳам улуғ сўз санъаткори таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан "Навоий асарлари билимдони" ва "Энг яхши ғазалхон ходим" каби мавзуларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Бунда, ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган аёл ходималар иштирокида беназир шоирнинг ҳаёти ва ижоди, туркий ва жаҳон халқлари тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.

Алишер Навоийнинг илмий-ижодий меросини ўрганиш, айниқса ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Миллий маънавиятимиз хазинасидан жой олган Навоийнинг дурдона асарларида юртга муҳаббат ва садоқат, инсонийлик, халқпарварлик, тинчлик ва бағрикенглик, дўстлик ва бунёдкорлик ғояларини тараннум этилгани эътироф қилинди.

Тадбирда аёл ходималар томонидан Алишер Навоий сиймосига эҳтиром рамзи сифатида унинг ижод намуналаридан мумтоз ғазал ва рубоийлар ёд айтилди.

Text to speech