Бухоро вилояти ИИБда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўрганишлари якуни бўйича берилган топшириқлар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди
Бугун, 19 октябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси мажлислар залида, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, Ички ишлар бўлим ва бўлинма бошлиқлари ва масъул ходимлар иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев олиб бориб, Ички ишлар вазири генерал лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш жараёнида аниқланган масалалар, шу жумладан яшаш манзилидан узоқ муддатга кетган шахсларни аниқлаш ва узоқ муддатдан қайтган ҳамда муқаддам судланган шахслар билан олиб борилаётган ишлар аҳволи, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бирма-бир муҳокама қилинди.
Кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан шаҳар ва туманларга вилоят ички ишлар бошқармасидан масъул этиб бириктирилган бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, Жиноят қидирув, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жамоат тартибини сақлаш ва Ташкилий бошқармалари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ички ишлар органларининг бошлиқлари ва тегишли соҳавий хизматлар масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан барча соҳавий хизматлар, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбар ва масъул ходимлари қаттиқ огоҳлантирилиб, ижрочилик интизомига қатъий риоя қилишлари, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этишлари лозимлиги, зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатиб, қўл остидаги ходимларга шахсий намуна кўрсатган ҳолда хизматни ташкил этишлари таъкидланди.