Бухоро вилояти ҳудудий ички ишлар органлари ҳисоб қайд этиш комиссияларининг иш фаолияти юзасидан ўрганишлар давом эттирилмоқда
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев кундалик иш режа асосида ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг самарадорлигини ошириш борасида ўрганишлар ўтказмоқда.
Бугун, 24 август куни бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев бошчилигидаги соҳавий хизматлар раҳбарлари Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бўлимида бўлиб, ҳисоб қайд этиш комиссияси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасидаги фаолиятни танқидий кўриб чиқдилар.
Бунда, бошқарма бошлиғи бошчилигидаги масъуллар ҳар бир ходим юритувида бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ариза ва хабарлар ҳамда бошқа турдаги мурожаатлар юзасидан суриштирув, терговга қадар текширув ҳамда тергов материалларини бирма-бир кўздан кечирдилар.
Ўрганиш давомида айрим ёш ходимларнинг малакасизлиги, ўрта бўғин раҳбарларининг сансалорликка йўл қўйиши оқибатида муддатлари бузилган, белгиланган талаб ва тартиб асосида кўриб чиқилмаган, сифатсиз суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган материаллар бўйича масъул ходимларга тушунтиришлар бериб, амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ўтказилган текширув давомида аниқланган тизимли камчиликлар, кўрсатилган амалий ёрдам натижалари муҳокама қилиниб, бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш борасида масъулларга манзилли топшириқлар берилди.
Ўрганиш ва амалий ёрдамлар барча ҳудудий ички ишлар органларида давом эттирилади.