22 Июн 2022 йил 599

Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги Футбол мусобақасида Ички ишлар бошқармаси жамоаси шохсупанинг энг баланд поғонасини забт этди

Давлатимиз раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Бухоро вилояти “Динамо” Жисмоний Тарбия ва Спорт Жамияти Кенгашининг тақвимий жадвалига мувофиқ бугун, 22 июнь куни вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан таркиб топган жамоалар ўртасида спортнинг “Футбол” тури бўйича вилоят биринчилиги мусобақасининг финал учрашуви ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган масъул раҳбарлар бу каби мусобақалар ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, спортни янада ривожлантириш, шахсий таркибнинг жисмони ва жанговар шайлигини оширишда муҳим омил эканлигини таъкидлаб, жамоаларга омад тиладилар.

Кўтаринки руҳда старт олган мусобақада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВга қарашли 7258 ва 7536-сон ҳарбий қисм ходимларидан ташкил топган жами 10 та жамоа ўзаро беллашди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда якуний натижага кўра, умумжамоа ҳисобида 7258-сон ҳарбий қисм жамоаси ва 6 минтақавий жазони ижро этиш департаменти жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Мусобақанинг финал учрашувида ўзаро тўқнашган Миллий гвардия вилоят бошқармаси ва Ички ишлар бошқармаси жамоалари томошабинларга голларга бой бўлган, ҳаяжонли 90 дақиқани тақдим этдилар.

Якуний натижага кўра 3:1 ҳисобида Ички ишлар бошқармаси жамоаси мусобақанинг ғолиблик шохсупасини қўлга киритди.

Жамоалар ва уларнинг мураббийларига, мусобақа ташкилотчилари ҳамда ҳакамларга димлом, кубок, медаль ва қимматбаҳо совғалар берилди.

Якунда масъуллар томонидан ходимлар ўртасида бу каби мусобақаларни мунтазам ўтказиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Text to speech