Бухоро вилоятининг 3-секторига қарашли Шофиркон туманида Тошкент вилояти Оққўрғон тумани тажрибаси асосида "маҳаллабай" ишлашнинг янгича тизими амалга оширилмоқда
Бухоро вилоятининг 3-секторига қарашли Шофиркон туманида Тошкент вилояти Оққўрғон тумани тажрибаси мисолида “маҳаллабай” ишлашнинг янгича тизими асосида аҳоли муаммолари ва ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари туман ҳудудини маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг шароити билан танишишмоқда. Аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва маҳаллалардаги ечимини кутаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилиб, уларни тезкор ва самарали ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу жараёнда асосий эътибор оғир ижтимоий аҳволдаги, якка-ёлғиз, сурункали касалликларга чалинган ва ногирон, боқувчисини йўқотган фуқароларни қийнаётган масалалар ечимига қаратилмоқда.
Вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ бевосита туманнинг 3-секторига қарашли маҳаллалар, жумладан чекка ҳудудлардаги қишлоқларда бўлиб, ўша ерда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кекса нуронийлар, фаоллар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар, хусусан куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарликнинг аҳволи, мавсумни беталафот ўтказиш, бунда айниқса аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, кўмир етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, мавсум давомида электр энергияси ва табиий газ ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатларни олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.
Туманнинг 3 секторига қарашли 17 та маҳаллаларнинг ҳар бирида биттадан жами 17 та кичик ишчи гуруҳларнинг кечаю кундуз фаолияти йўлга қўйилиб, уйма-уй юриш орқали бугунги кунга қадар 6.288 та хонадонлар ўрганилди. Бундан ташқари сектор ҳудудидаги умумтаълим ўрта мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, қишлоқ врачлик пунктлари ва ижтимоий дорихоналардаги ҳолат тўлиқ тафтишдан ўтказилиб, жараёнларда 1.332 та муаммоли масалалар аниқланди ва ижобий ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, мутасаддиларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.
Амалга оширилган ишлар борасида аниқ мисолларга ўтадиган бўлсак, “Денов” маҳалласининг 1 км ҳамда “Зарчабек” маҳалласининг 2 км йўллари асфальтлаштирди. Шунингдек, “Денов”, “Неккиши”, “Дўрман”, “Темирчи” ва “Шибирғон” маҳаллалари ички йўлларининг 5 км масофаси шағаллаштирилди. Ҳудуддаги таъмирталаб кўприклар ҳам таъмирланмоқда.
Аҳолининг табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси билан боғлиқ муаммолари мутахассисилар томонидан тўлиқ ўрганилди. Табиий газ билан таъминланган маҳаллалардаги газ босимининг бир меъёрда етказилиши, суюлтирилган газ баллонлар билан ўз вақтида таъминланиши, электр таъминотидаги узилишларнинг график асосида амалга оширилиши алоҳида назоратга олинди.
13 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳолига бепул 513 тонна кўмир тарқатилди. Ҳудудда ташкил қилинган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижасида амбулатор шароитдаги беморлар керакли дори-дармонлар билан таъминланди. Тиббий муолажага муҳтож 2 нафар фуқаролар даволаниш учун вилоят кўптармоқли шифохонасига жойлаштирилди. Бундан ташқари, “Неккиши” маҳалласида яшовчи “Аёллар дафтарига” киритилган 10 нафар хотин-қизларга ўзини-ўзи банд қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун тикув машиналари тақдим этилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу тизим марказдан тортиб то энг узоқ қишлоғу-овулларда яшаётган юртдошларимизнинг ҳаётида ўзининг реал натижасини кўрсатмоқда. Минглаб оилалар турмуши, миллионлаб инсонларнинг онги, қалби ва дунёқараши ўзгаришига замин ҳозирламоқда.
Бу каби ижобий тажриба вилоятнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон ва Вобкент туманлари ҳамда барча шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларда давом эттирилмоқда.