19 Январ 2023 йил 330

Бухоро вилоятининг 3-секторига қарашли ҳудудларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда

Бухоро вилояти шаҳар-туман 3-сектор раҳбарлари томонидан нарх-навони барқарор сақлаш борасида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, савдо, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, айниқса, нарх-навони сунъий ошириб юбормаслик борасида қатор тарғибот ва ташвиқот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Секторга қарашли 142 та маҳаллаларда ҳамда олис ҳудудларда белгиланган график асосида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг кўчма ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Мазкур ярмаркаларда савдо пештахталари гўшт, картошка, пиёз, сабзи, тухум, шакар, ўсимлик ёғи каби 18 турдаги сифатли, арзон мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдирилди. Нархларнинг барқарор ва ҳамёнбоплиги аҳолига кўтаринки кайфият улашди.

Аҳолининг талаблари ва эҳтиёжига қараб маҳаллаларда ташкил этилган ярмаркада бир кунда қарийб 10,6 тонна картошка, 9,9 тонна пиёз, 2,1 тонна гўшт, 459 флейка тухум, 3,7 тонна ун, 1400 литр ёғ, 2,5 тонна шакар, 29,2 тонна кўмир, 48 тонна бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинган.

Шунингдек, 3-секторларда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлар бўйлаб барча деҳқон бозорларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаларининг узлуксиз фаолият юритиши ҳамда талаб юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларнинг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик учун тегишли назорат тадбирлари ҳам ўтказилмоқда.

Вилоятнинг 3-секторига қарашли маҳаллаларда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари берилган график асосида давом этади.

Text to speech