Бухоро вилоят ҳокимлигида навбатдаги ҳафтанома ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда вилоят прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, ҳуқуқ-тартибот идоралари, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда корхоналарнинг масъул раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала — вилоятдаги жиноятчилик ҳолати, ҳуқуқбузарликлар ва профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат раҳбари томонидан белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича манзилли ишлар ва долзарб вазифаларни белгилаб олишдан иборат бўлди.
Дастлаб, 2025 йилнинг 5 ойи давомида Бухоро вилоятида қайд этилган жиноятлар ҳудудлар кесимида танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Йиғилишнинг навбатдаги долзарб масаласи — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январьдаги ПҚ-1-сонли "2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарор ижросини таъминлаш масаласи бўлди. Мазкур Қарор доирасида маҳаллаларда еттилик вакилларининг фаолиятини тубдан ўзгартириш, жамоатчилик билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, "маҳаллабай" ишлаш тизимини жорий этиш ҳамда ҳудудий хавфсизликни таъминлаш борасида белгиланган чоралар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизимини ривожлантириш тўғрисидаги 801-сонли Қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар танқидий кўриб чиқилди. Бу қарорга асосан, ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш, профилактик тадбирларнинг натижадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ижтимоий профилактик ишларни кучайтириш юзасидан галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида Бухоро вилоятида 2025 йил 10 июнь кунидан 10 июль кунига қадар бир нечта махсус, тезкор ҳамда профилактик тадбирларни ўз ичига олган "Хавфсиз ҳудуд долзарб 30 кунлик" махсус профилактик тадбирларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, барча ҳуқуқ тартибот органлари ҳамда тааллуқли идораларнинг зиммасидаги вазифалар белгилаб берилди.