13 Май 2025 йил 602

Бухоро вилоятдаги болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида жорий йилги мавсумга кўрилган тайёргарлик ишлари ўрганилди

Жорий йилда вилоятда 143 та стационар ва соғломлаштириш майдончалари фаолият юритиши ҳамда уларда 18 минг 435 нафар болаларни соғломлаштириш режалаштирилган.

Шундан, 11 та стационар оромгоҳларда 7 минг 260 нафар, 132 та соғломлаштириш майдончалари (кундузги оромгоҳ) да 11 минг 410 нафар болалар соғломлаштирилади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида болалар оромгоҳларида болажонларнинг мазмунли ва мароқли дам олишларини ташкил этиш борасида зарурий шарт-шароитларни яратиш, болаларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлашга доир вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугундан бошлаб вилоят ҳокими бошчилигидаги масъуллар болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ўрганишлар олиб боришмоқда.

Дастлабки манзил Бухоро туманидаги “Ёш пахтакор” оромгоҳи бўлди.

Ўрганишлар жараёнида оромгоҳга олиб борувчи асосий йўлнинг 100 метр масофасига ёритгичлар ўрнатилмаганлиги, ошхона ва омборхонада, сузиш ҳавзасида тозалик ишлари бажарилмаганлиги, спорт майдончалари ҳолатига эътибор қаратилмаганлиги каби қатор камчиликлар аниқланди. Шунингдек, ёнғиндан сақлаш бурчакларидаги жиҳозлар яроқсиз ҳолга келганлиги кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Кейинги манзил Вобкент туманидаги, “Имом Қозихон” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Порлоқ келажак” оромгоҳи бўлди.

Ушбу муассаса 2017 йилда бунёд этилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафар болалар дам олишлари учун мўлжалланган.

Масъуллар оромгоҳга олиб борувчи асосий йўлнинг 200 метр қисмига ёритиш устунлари ўрнатилмаганлиги, ётоқ биноси кириш қисмида оёқ кийимлар жойлаштириш учун (стеллаж) токчалар йўқлигига эътибор қаратишди.

Вилоят ҳокими бошчилигида мутасаддилар Вобкент туманидаги «Розмоз» маҳалласи ҳудудида жойлашган “Қуёш нури” болалар оромгоҳида ҳам бўлишди.

Жараёнда оромгоҳга олиб борувчи асосий йўлларнинг 1,5 км йўлнинг ёритиш устунлари ўрнатилмаганлиги, тиббиёт бўлимида дори-дармон ва тайёр таом намуналарини сақлаш учун музлатгич, дори-дармонлар учун ойнали жавон ҳамда муолажа учун тиббий кушетка жиҳозлари мавжуд эмаслиги ва қизларнинг шахсий гигиенаси учун алоҳида хона ажратилмаганлигини жиддий танқид остига олиишди.

Ғиждувон тумани «Тодон» маҳалла фуқаролар йиғинида 6,4 гектар ер майдонида жойлашган “Болалар сайёраси” оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1971 йилда бунёд этилган.

Жорий мавсумда оромгоҳда ташкиллаштириладиган 5 та сменада қарийб 1000 нафар ўғил-қизни мароқли дам олдириш режалаштирилган. Бунинг учун албатта, оромгоҳни мавсумга шай ҳолга келтириш лозим.

Масъуллар ўрганишлари давомида айни шу масалага эътибор қаратишди.

Ўйин майдончалари, дам олиш хоналари, ошхона, ювиниш ва бошқа хоналар кўздан кечирилди. Шунга кўра, аниқланган камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Президентимизнинг ўтган йил 31 май – 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи ва вилоят фаоллари билан учрашуви давомида Шофиркон туманида замонавий болалар ёзги оромгоҳини қуриш ташаббуси илгари сурилган эди.

Шунга кўра, ҳозирда “Хўжа Ориф” маҳалласи ҳудудидан ажратилган 7 гектар майдонда оромгоҳ қуриш ишлари олиб борилмоқда

Вилоят ҳокими бошчилигидаги мутасаддилар Шофиркон туманида бўлиб, ушбу ёзги оромгоҳ қурилишини кўздан кечиришди.

Мазкур лойиҳа ҳудуддаги болалар ва уларнинг оилалари учун замонавий дам олиш маскани яратишни мақсад қилган бўлиб, умумий қиймати 25 миллиард сўмни ташкил этади.

Ишчи гуруҳ аъзолари қурилишни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб, бунда қурувчи ташкилот дуч келаётган муаммолар билан қизиқиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар беришди.

Кун давомида ўтказилган ўрганишлар давомида камчиликларга йўл қўйган туман ва соҳа мутасаддилари фаолиятига танқидий баҳо берилиб, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Бу каби ўрганишлар Бухоро вилояти бўйлаб давом этмоқда.

Text to speech